Тошкентда мактаб ўқувчисининг ток уриб вафот этиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси муассаса ҳудудида ток уриши натижасида вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг 186- ва 207-моддалари (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга киришилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эса тизимдаги мавжуд таълим муассасалари ҳудудида жойлашган электр тақсимловчи пункт, трансформаторлар сони, балансда сақловчиси, уларнинг хавфсизлик талаблари ҳамда техник ҳолати бўйича ўрганиш ишларини олиб бораётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, вазирлик ҳудудий бўлинмалари ва тегишли маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда электр тақсимловчи пунктларнинг барча зарур хатлов ишлари ташкил этилган.