ИИВ метро бекатида ўзини поезд рельсига ташлаган аёл иши бўйича маълумот берди — видео
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати 28 декабрь куни «Алишер Навоий» метро бекатида жонига қасд қилиш учун ўзини поезд рельсига ташлаган аёл иши бўйича маълумот берди.
Таъкидланишича йўловчи бундан аввалроқ платформа четида тургани учун ходимлар томонидан огоҳлантирилган. Огоҳлантришга қарамай, 38 ёшли аёл жонига қасд қилиш мақсадида ўзини яқинлашиб келаётган поезд остига ташлаган.
Мазкур бекатда хизмат олиб бораётган Ички ишлар вазирлиги Транспорт хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси метрополитенда хавфсизликни таъминлаш саф бўлинмалари ходимлари ҳамда бекат навбатчиси томонидан керакли чоралар кўрилиб, бекатга 39-сонли маршрутнинг кириб келиши тўхтатиб қолинган.
Фуқарони поезд йўлидан олиб чиқиб, ички ишлар бўлими хонасига олиб бориб, биринчи ёрдам кўрсатилган. Унинг шахсига аниқлик киритилди, аммо ўта қаттиқ маст ҳолатда бўлганлиги боис сифатли суриштирув ўтказилмаган.
Шундан сўнг тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, аёл 16-сонли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Навбатчи шифокор берган ташхисида аёлда алкоголь мастлик ҳолати мавжудлиги ҳамда чап оёқ тизза соҳаси юмшоқ тўқималари лат егани маълум қилинган.
Мавзуга доир: Бухорода 33 ёшли ҳамшира аёлни поезд босиб кетди — видео
Ҳолат юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда темир йўлда қулоқчин тақиб юрган аёлни поезд босиб кетгани ва Андижонда севган қизини рашк қилиб 30 ёшли эркакни ўлдиргани айтилган йигит қарийб 10 йилга қамалгани хабар қилинганди.