Тошкентда темир йўлда қулоқчин тақиб юрган аёлни поезд босиб кетди — видео

Тошкент шаҳрида 22 декабрь куни поезд темир йўл изида юриб кетаётган номаълум аёлни босиб кетди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @iivuz

Маълум қилинишича, 22 декабрь куни соат 12:53 да Тошкент минтақасида юк поезди 1988 йилда туғилган фуқарони уриб юборган. У қулоғига қулоқчин тақиб олиб, темирйўл изида юриб кетаётган бўлган. Фуқаро олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, 28 декабрь куни соат 16:25 да Тошкент–Тавар–Сариағач йўналишидаги юк поезди тахминан 18–20 ёшлар атрофидаги аёл кишини уриб юборади.

Ўрганиш ишлари давомида 2002 йилда туғилган қиз қулоқчин тақиб темир йўл изларида ҳаракатланганлиги маълум бўлган. Ушбу фуқаро жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. Унда аралаш жароҳат, бош мия лат ейиши, бош мия чайқалиши каби жароҳатлар аниқланган.

Аввалроқ Наманганда темир йўлнинг ёритилмаган қисмида поезд «Lacetti»ни уриб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро туманида темир йўлни кесиб ўтаётган 69 ёшли эркакни поезд босиб кетгани хабар берилган.

Кейинчалик Бухорода 33 ёшли ҳамшира аёлни поезд босиб кетгани ҳамда Сирдарёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани «Gentra» босиб кетгани хабар қилинган.

Янгиликлар