Тошкентда март ойида ижара нархлари қанча бўлгани айтилди

Тошкент шаҳрида март ойида хонадонлар учун ижара нархлари пасайган. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари ижара нархларининг ўзгаришини таҳлил қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида хонадонлар учун ижара нархлари пасайишда давом этмоқда. 2022 йилда хонадонлар учун ижара нархлари ўса бошлаган ва октябрь ойига келиб, ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан, сўнгра пасая бошлаган.

Маълумотлар базасига кўра, ўтган йилда шаҳар бўйича ўртача таъмирланган хонадон учун ижара нархи 526 АҚШ долларига чиққан. Жорий йилнинг март ойида ижара учун ўртача нархлар февраль ойидагига нисбатан 2 фоизга пасайган ва 411 АҚШ долларини ташкил этган.

Ўртача таъмирланган 2 хонали уй учун ижара нархи 340 доллардан (Сергели) 460 долларгача (Яккасарой) ўзгарган ҳолда Тошкент шаҳри учун ўртача 411 долларни ташкил этган. 3 хонали уйлар учун эса нархлар 380 доллардан (Сергели) 600 долларгача (Миробод) ўзгарган ҳолда Тошкент шаҳри учун ўртача 480 АҚШ долларини ташкил этган. Таъмирланган 1 хонали уй учун ўртача ижара нархи 320 долларни, 4 хонали уй учун 600 долларни, 5 хонали уй учун 660 долларни ташкил этган.