Машина олиб беришни ваъда қилиб, 248 кишини 12 млрд сўмга чув туширган фирибгарларга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 248 нафар фуқарога машина олиб беришни ваъда қилиб, уларни 12 миллиард сўмга чув туширган фирибгарларга ҳукм ўқилди.

Маълум бўлишича, бир гуруҳ шахслар фуқароларга кредит эвазига Nexia-3, Cobalt, Gentra, Malibu, Isuzu русумли автомобиллар олиб беришни ваъда қилиб, уларнинг катта миқдордаги маблағини ўзлаштирган.

Жабрланувчиларнинг маълум қилишича, судланувчилар уларга икки ҳафта муддатда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, бир йилдан бери алдаб келган.

Фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилган тўрт нафар фуқаро 2020 йил 29 сентябрь куни судланувчи А.Н. таъсисчилигида «Uz Avto Premium» МЧЖ ва «Avto Alo Group MT» МЧЖни ташкил қилган.

МЧЖ масъуллари фуқароларга автомашиналарни кредит ҳисобига олиб беришни ваъда қилиб, бошланғич тўлов сифатида тўланган пулларини банк муассасаси орқали қабул қилган ва МЧЖ ҳисоб рақамидаги жами 12 миллиард сўм атрофидаги пулларни МЧЖнинг корпоратив картаси орқали нақдлаштириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да айбланган 29 ёшли йигит 9 йил 6 ойга, 26 ёшли йигит 9 йилга, 27 ёшли йигит 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 30 ёшли судланувчи қизга эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Янгиликлар