Тошкентда Cobalt тўхтаб турган «Жигули» билан тўқнашди ва уч пиёдани уриб юборди

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида одам ўлими билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

«2023 йилнинг 28 май куни соат тахминан 21:30 ларда Бектемир тумани, Бектемир йўли кўчасида, 1996 йилда туғилган ҳайдовчи Cobalt русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, йўл четида ҳаракатсиз тўхтаб турган, 1998 йилда туғилган ҳайдовчига тегишли «Ваз-2105» русумли автомашина билан тўқнашув содир этган.

Шундан сўнг Cobalt бошқарувни йўқотиб, йўл четидан ҳаракатланиб кетаётган 3 нафар пиёдани уриб юборган», дейилади хабарда.

ЙТҲ оқибатида 2 нафар пиёда (2000 ва 2001 йилда туғилган фуқаролар) ҳамда Cobalt автомашинаси ҳайдовчисига тан жароҳати олгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилган. 1997 йилда туғилган пиёда олган тан жароҳатлари сабабли касалхонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.