Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги коронавирус қурбонлари оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида коронавирусдан вафот этган марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрилаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, юртдошларимиз орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбимдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилайман, марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан сўраб қоламан», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Aввалроқ Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли аёл юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этиб, Ўзбекистонда вирус қурбонлари сони 139 тага етгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан «Саховат ва кўмак» фонди орқали Республика бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга жами 150 млрд сўм моддий ёрдам тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 31 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 215 кишига ошиб, 23 773 нафарни ташкил этган. Шундан 14 204 нафари соғайган бўлса, 9430 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Янгиликлар