Шавкат Мирзиёев сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатини қарор топтириш бўйича бошланган ишлар ортга қайтмаслигини таъкидлади

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 31 август, душанба куни мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатини қарор топтириш бўйича бошланган ишлар ортга қайтмаслигини таъкидлади.

«Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат коррупцияга қарши мамлакатимизда кенг кўламли кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма — коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради.

Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти, идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошланган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини бугун яна бир бор таъкидламоқчиман.

Барчангиз хабардорсиз, ҳозирги вураккаб шароитга қарамасдан биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз дилан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, коронавирусга қарши курашда бизга амалий кўмак берган БМТ, ЖССТга, шунингдек, Хитой, Россия, AҚШ, Туркия, Жанубий Корея, БAA, Германия, Япония ва бошқа ҳамкор давлатларга халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этаман», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Президент Ўзбекистоннинг халқаро валюта захиралари ҳажми 34 миллиард долларга етгани маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Байрам тадбирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида таъкидлади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюргани ва Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйгани маълум қилинди.

Ўзбекистонда 2020 йил «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши маълум бўлди.