«Ўтган йили хотинимнинг онасидан ҳам пул сўраганди булар» — Фурқат тумани ҳокимининг туғруқхона ходимларини танқид қилган видеоси тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғруқхонада «суюнчи пули» деб талашган тиббиёт ходимларини кескин танқид қилгани акс этган видео тарқалди.

 «‘Суюнчи пули’ни талашадиган ноинсоф. Чақиринг, ҳаммаси жавоб берсин, мана буёққа олиб чиқинг. Олиб чиқинг буёққа судхўрларни. Ёшлар бўйича ўринбосар, олиб чиқинг бу ноинсофларни.

Ўтган йили хотинимнинг онасидан ҳам пул сўраганди булар… Мана, Фурқатнинг аҳволи.

Ҳаром ўлади булар, 200 минг олиб кетмаса бўлмайди, талашади булар. Оддий йигит фарзандли бўлди, бир миллион ойликка ишлаяпти. Ҳоким ёнига бориб, хотиним туғганди. Пулим йўқ эди, ёнига боролмаяпман дейди-да.

Қани жамоат ташкилотлари, саховат кўрсатадиган ташкилотларимиз келдими? ‘Соғлом авлод’ келдими? ‘Нуроний’ жамғармаси келдими? ‘Саховат ва кўмак’ келдими? Мана шу ерга (туғруқхонага кириш эшигида) постер қилиб, ёзасиз: ‘Ҳурматли Фурқат тумани халқи, фарзандли, набирали, ўғил-қизли бўлганингиз билан табриклаймиз. Кўнгилдан чиқариб, суюнчи бермоқчи бўлсангиз, врачга, тиббиёт ходимига, санитаркага пул берманг. Кўнглингиздан чиқдими, мана шу қутиларга ташланг’. Бу ерга иккита масжид қутиси, ногиронлик ҳамда саломатлик жамиятлари қутилари келади.

Видеога чиққан опаларимиз қани? Нимага пул талашасизлар? Сизлар кимсизлар? Aлимардон, кадрингиз қани? Мен сизга ҳеч қачон тавсия бермайман, ўтирган жойингизда шукур қилиб ишланг. Бўлмаса, бу ҳам кўплик қилади. Хулоса қилинг.

Мен ҳокимман, билмабди ҳокимлигимни. Онам келиб, билмасдан пул бериб қўйибди. Биттасига етмаса, ичкарига олиб кириб, менинг ‘долям’ қолиб кетди дебди. Мана исбот. Хотинимни чақираман, мана исбот. Ҳокимлигимни билмасдан қилган қилиғи. Хўп, майли дедим.

Эрта баҳор депутатлар кенгашида кечирим сўрадингиз. Бир аёл кечирим сўради шуларнинг орқасидан. Менинг раҳм-шафқатим шу, опалар. Ротация бўлиб, бошқа бўлимга ўтиб, 3 ойлик синов муддати билан вақтинча иш бошлайди. Уларнинг ҳам оиласи бор, майли.

Молияни чақиринг, нечта видео қўйиш керак бўлса, ўрганинг. Бўлди-да, 2 марта ҳам ‘MY5’га чиқадими?

Хирургияси борми, яна норози қайси ‘отделʼ эди? Хирургияда ҳам ўғрилик бор. Бу ерда коррупция авж олган. Буларнинг кечаги ҳолатдаги шармандачилигига мен фурқатлик бўлиб, Фурқатнинг ҳокими бўлиб, мана шу еримдан (томоғига ишора қилиб) ўтиб кетди. Фарғона вилояти Фурқат туманида суюнчи пулини талашяпти. Мана, опаларимиз — ўша башаралар. Бутун республикага шарманда бўлдик.

Фурқат тумани — ‘қизилʼ ҳудуд. Мен халқдан кечирим сўрадим. Иқтисодни кўтаришимиз керак. Ҳар бир соҳада ўзгариш қилишимиз керак. Энди гап аччиқ-аччиқ бўлсин. Мен ҳам ўқиганман: 2 та дипломим бор… Ўзимга келолганим йўқ… Мен кечирим сўрадим. Менинг ҳам ғурурим бор, менинг ҳам нафсониятим бор. Борсам, бошқа жойда яхши жойда ишлайман. Вақтида оиламдан хабар оламан. Фарзандимни тарбиялайман. Лекин ҳозир вақтида оиламдан хабар олганим йўқ.

Шу туманни кўтарай, деб юрибманми?! Соғлиғим кетяпти, умрим кетяпти. Мен шу халқни кўтарай, деб келганман, бу ноинсофлар ҳам инсоф қилиши керак-да, давлатнинг ойлигини олиб…

5 йил аввал Қолгандарёда пахта чопармиди?  Пахта терармиди? Далада юрармиди? Давлатнинг ойлигини оляпсан, қиласан-да, деб айтилармиди?! 3 йилдан бери булар, юртбошимизга раҳмат, далага чиқмайди, оппоқ кийимларда келади. Ойлигини оляпти-ку, нимага энди фуқаролардан пул олиши керак?!

…Хулоса керакмас, мен Фурқат тумани депутатлари кенгашида туғруқхонани огоҳлантирганман. Опадан ҳисобот сўрадик, ҳисобот бердиларинг. Бир чақалоқнинг ўлими орқасидан норози бўлингани кенгашда кўрилди. Хулоса қилиш керак эди-да. Буларга етиб келмаган-да.

Сизлар келиб, (масъулларга қарата) ‘Бизнинг у ерда — депутатлар олдида бошимиз эгилди, ҳоким бизни тикка турғизиб қўйди’, деб айтмагансиз. Етиб бормади буларга.

Ўл-а, шарманда бўлди. Зўрмиш. Ортингда ким турибди, айт. Мана, Президентнинг вакили келди, айт. Зўринг бўлса, ёз, мана. Мен Президентнинг вакилиман. Менинг айбим бу сенларнинг пора олишинг. Мен назорат қилмаганим учун…

Кечадан бери ухлаганим йўқ, ўзимни совута олмаяпман. Бир суткада ўзимни совутиб келганим шу. Кеча келганимда ёниб кетардим», — дея ходимларни танқид қилган туман ҳокими.

«Tez News» мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун туман ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Ҳокимлик матбуот котиби Ёқубжон Исоқовнинг таъкидлашича, «Mening Yurtim» телеканалида Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона бўлимида тиббиёт ходимлари ва техник ходимлар суюнчи пулини талашаётгани тўғрисидаги лавҳа эфирга узатилган.

«Туман ҳокими Дилмурод Солиев ушбу ҳолат юзасидан туғруқхона бўлимига бориб, масалага ойдинлик киритиш юзасидан депутатлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама ўтказган. Бу ерда туман шаънини ҳимоя қилиш, тамагирлик ҳолатларига барҳам беришга асосий урғу берилган.

Ҳоким бироз қизишганини тушуниш керак. Чунки аввал ҳам туғруқхона бўлмида чақалоқнинг нобуд бўлиши билан боғлоқ ҳолат шу телеканалда эфирга узатилган эди. Ҳоким бу ҳолатда ҳеч кимнинг шахсиятига тегмаган. Туман шаънини ҳимоя қилишга асосий урғу берган. Жараёнда мен шахсан иштирок этганман», — деб изоҳ берган туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.

Aввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг Зангиотадаги махсус шифохона ходимларини танқид қилган аудиоси тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раиси интернетда тарқалган аудио бўйича баёнот бергани хабар қилинган.