Учкўприкда қимор ўйнаган давлат мулозимлари жаримага тортилди

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида икки нафар давлат хизматчиси қарта ўйнагани учун лавозимидан озод этилганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, ушбу шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган.

Учкўприк тумани камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари Дилшод Далиев, туман иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Сирожиддин Раҳмоналиев ҳамда яна икки нафар фуқаро 26 август куни соат 18:00 ларда Учкўприк туманида «Боғи-Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Далиевга тегишли бўлган «Шарқ-Равнақ текстиль» МЧЖ биносида белгиланган тартибни бузиб, ўртага пул тикиб, қимор ўйнагани аниқланган.

Ҳуқуқбузарлар судда содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракатига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонликларини билдирган.

Суд қарори билан Дилшод Далиев, Сирожиддин Раҳмоналиев ва яна икки фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг уч баробари (990 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Қарордан норози тарафлар қарор эълон қилинган, ҳуқуқбузарлар қарор нусхасини олган кундан бошлаб йигирма сутка ичида Фарғона вилоят судига апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақли.

Янгиликлар