Шавкат Мирзиёев Туркия президентини Янги йил билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 31 декабрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан бир-бирларини табриклаб, мамлакатларнинг биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Президентлар коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши ва жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири билан боғлиқ мураккаб шароитда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва кўп қиррали шерикликни изчил ривожлантиришга эришилганини алоҳида таъкидлаган.

Пандемияга қарши курашда кўрсатилган ёрдам ва амалий кўмак учун Туркия томонига алоҳида миннатдорлик билдирилган. Савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик натижалари ҳам мамнуният билан қайд этилган. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ва транспорт қатновлари сақлаб қолинган, бир йилда Туркия инвесторлари иштирокида 300 та янги корхона ташкил этилган. Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари томонидан энергетика, шаҳарсозлик, инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда устувор йўналишларда амалга оширилаётган институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Туркиядан малакали эксперт ва маслаҳатчилар жалб қилинган. Маданий-гуманитар алмашинувлар дастури кенгаймоқда.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг бутун салоҳиятини самарали ишга солиш ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини қайд этган. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш имконини берадиган Ўзбекистон ва Туркия ўртасида преференцияли савдо келишувини тез фурсатда қабул қилиш муҳим экани таъкидланган.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган. 2021 йилги икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди, уларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича биринчи галдаги чоралар белгилаб олинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов билан телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентига ШҲТга раисликда муваффақият тилагани хабар қилинган.