Тошкентда 4 минг қути қалбаки дориларни сотаётган шахслар ушланди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 4 минг қути дори воситаларини ноқонуний сотаётган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақида Прокуратура Департаменти хабар берди.

Департаментнинг маълумотига кўра, тезкор тадбир доирасида ноқонуний тарзда дори воситалари савдоси билан шуғулланган А.А ва Д.А ушланди. Фуқаролар сохта сертификатга эга бўлган 4000 қути «Хитофер-С 5мл» номли дорини М.Х га $43750 га сотган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Ўтказилган экспертиза хулосаларига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ушбу дори воситалари қалбакилаштирилганлиги қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, қалбаки дорилар савдоси бўйича Адлия вазирлигининг огоҳлантируви ҳақида хабар берган эдик.

Тошкент