Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирaди
Адлия вазирлиги дори воситалари ноқонуний давлат рўйхатига олингани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, қонунчилик ҳужжатлари талабларига кўра дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказилишида интеллектуал мулк ҳуқуқларига қатъий риоя этилиши керак.
Бироқ, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатига олинганлиги аниқланди.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган «MAGNE B6», «IMUDON», «SMEKTA», «DUSPATALIN», «ELEVIT» каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг контрафакт нусхалари «Magne B6», «Nest Imudon», «Smecta», «Grand Imudon», «MER DUSPATANIM», «ELEMALVIT» кўринишида турли фармасевтика корхоналари номига интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳнома киритилиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказилишида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолатлар такроран содир этилганда қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, «Дори воситалари ва фармасевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунга асосан дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Қалбакилаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.
Аввалроқ, Фарғонада ноқонуний дори савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ ҳақида маълумот берган эдик.