
Фото: Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати
Бухорода автомобиль йўлини тўсиб қўйган аёллар маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда аниқланишича, ҳозирги кунда катта миқдордаги қарздорлиги бўла туриб, ҳар ойлик фоиз тўловларини тўлай олмаётган бўлишига қарамасдан, М.И яна банкдан йирик миқдорда кредит сўраб, банк томонидан унга ишончсизлик билдирилиб кредит маблағлари ажратилмаётганлиги сабабли, туман ҳокимлигига кредит маблағларининг тўлаб берилиши тўғрисида ноқонуний талаб қўйиб, 15 июль куни ўзига таниш бўлган фуқаролар билан бирга халқаро аҳамиятдаги М-37 автомобиль йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан И.М. ва унинг шерикларига нисбатан Ғиждувон тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг 16 июль кунидаги қарори билан И.М. ва унинг 6 нафар шериклари МЖтК.нинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилдилар.
Таъкидланишича, ҳуқуқбузарлик ташкилотчиси фуқаро И.М. га нисбатан 11 сутка, унинг шериги Х.А.га нисбатан 15 сутка, Ё.Д. ва П.Ф.ларга нисбатан 10 сутка, С.Д. ва Қ.М.ларга нисбатан 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, уларнинг яна бир шериги А.М. га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида, яъни тўрт миллион тўққиз юз минг сўм жарима жазоси тайинланди.