Шавкат Мирзиёев таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказди

Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим ва тарбия соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот котибининг расмий каналида маълум қилинади.

Тадбир давомида бир қатор соҳада хизмат кўрсатган ходимларни тақдирлаб, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва режалар муҳокама қилинди.

Жумладан, 96 нафар педагог фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Учрашув давомида Президент турли соҳа ва тармоқлардаги барча ислоҳотлар бугунги кунда инсон қадрини, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, фаол фуқаролик позициясига эга, билимли ва бунёдкор авлодни ким тарбиялайди? Албатта, сизлар – заҳматкаш ва жонкуяр устозлар.

 

Бунинг учун аввало ўқитувчининг ўзи ҳуқуқий, ижтимоий ва молиявий томондан ҳимоя қилинган ва етарли таъминланган бўлиши керак.

 

Шундагина у ўзининг чинакам инсоний ва касбий фазилатларини амалда намоён қила олади, — деди Президент.

Президентнинг таъкидлашича, ҳар бир ўқитувчи, тарбиячи, болалар боғчаси ёки мактаб директори муайян даражада стратегик бўлиши керак. Бу – ўн-ўн беш йиллик олдига қараш ва таълим муассасаларини нафақат жорий эҳтиёжлар учун, балки келажак учун ҳам фаолият кўрсатиши зарурлигини билдиради.

Ўзбекистон