Чиқиндидан қарзи бор хонадонлар электр тармоғидан узилади
Октябрь ойидан бошлаб «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси истеъмолчиларга чиқиндиларни йиғиш бўйича қарздорлик ортидан электр учун тўловларни чеклаш тўғрисида огоҳлантирувчи СМС хабарларни жўнатишни бошлади. Бу ҳақида ташкилотнинг матбуот хизмати расмий хабар берди.
«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик туфайли электр энергияси учун тўловни чеклай бошлагани ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берди.
Президент фармони билан 2024 йил 1 июньдан Ўзбекистонда чиқинди йиғиш учун қарздорлик мавжуд бўлганда, электр энергияси учун тўловларни чеклаш режалаштирилганди.
Бу тартиб аввало Тошкент шаҳрида, 1 ноябрдан Нукус ва вилоят марказларида, 2025 йилдан эса бутун республика бўйлаб жорий этилиши маълум бўлди.
Ҳужжатда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ойлик тўловлар бўйича қарзи бор абонентларни СМС орқали хабардор қилиш ҳам назарда тутилган.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида октябрь ойидан «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси 2100 қисқа рақами орқали билдиришномалар жўнатиш амалиётини бошлади.
Айни пайтда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан чиқинди бўйича огоҳлантириш хабари юборилгандан сўнг, қарздорликни бартараф этмаган истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларда чекловлар киритиш бўйича ҳам техник ишлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз, дейди ташкилотнинг матбуот хизмати.