Ҳар бир ОТМ учун бренд ва имиж концепцияси ишлаб чиқилади
Ўзбекистонда 1 августга қадар ҳар бир ОТМ учун тарихий ривожланиши, ижтимоий вазифаси ва замонавий талаблар асосида ноёб имиж ва бренд концепцияси ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатга кўра, ҳар бир ОТМ ўз логотипи, рамзи, шиори, ташриф қоғози, мадҳияси, спорт клублари, театр студиялари, интернет платформалари каби воситалар орқали ўзига хослигини акс эттирувчи бренд стратегиясини ишлаб чиқади. Шунингдек, бу жараёнда олийгоҳларнинг таълим сифати, илмий-тадқиқот натижалари, халқаро ҳамкорлик, битирувчиларининг ютуқлари инобатга олинади.
Талабалар орасида брендга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, улар орасида ташкилот қадриятлари ва анъаналарини тарғиб қилиш, брендга мос юриш-туриш маданиятини ривожлантириш ҳам режага киритилган.
Қарор лойиҳасида олийгоҳ талаба ва ходимлари учун махсус кийим талаблари ҳам белгиланмоқда. Эркаклар учун классик услубдаги шим, кўйлак, костюм ва ёпиқ пойабзал; аёллар учун эса кофта-юбка ёки шим, блузка, жакет ва ёпиқ пойабзал назарда тутилган. Ҳар икки ҳолатда ҳам озодалик ва покизалик муҳим мезон бўлади.
Бренд стратегияси доирасида сувенир ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни олийгоҳ доирасида савдога чиқариш, таниқли битирувчилар ва профессор-ўқитувчилар ҳақидаги контентлар яратиш ҳам кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжат ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига нисбатан қўлланилмайди.
Низом талаблари бузилишига йўл қўйган шахслар олий таълим ташкилотлари ички тартиб қоидаларида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.