Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини қўллаш тартиби тасдиқланди
Иқтисодиёт ва молия вазири 21 ноябрь куни «Божхона тўловларини тўлашнинг бош таъминотини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқни имзолади. Бу ҳақида «Норма» хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, бош таъминот тўловчи томонидан муайян вақт ичида бир неча божхона операцияларини бажариш чоғида юзага келадиган божхона тўловлари тўланишини банк кафолатини тақдим этиш, божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш ёки товарларни гаровга қўйиш орқали таъминлашдир.
Агар бир шахс томонидан маълум вақт давомида бир нечта божхона операциялари амалга оширилса, божхона тўловларини тўлашни таъминлаш учун қуйидаги усуллардан бири орқали уларни тўлашнинг бош таъминотини тақдим этиш мумкин:
• товарларни гаровга қўйиш;
• банк кафолатини тақдим этиш;
• божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш.
Тўловчи бош таъминотни қабул қилиш учун тўловчи белгиланган шаклдаги ариза билан Божхона қўмитасига ёзма ёки расмий веб-сайт орқали электрон тарзда мурожаат қилади. Тўловчи веб-сайт орқали мурожаат қилганда, аризани ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.
Аризага қуйидаги ҳужжатлардан бири илова қилинади:
• банк кафолати;
• суғурта полиси;
• баҳолаш ташкилотининг бозор қиймати бўйича гаров нарсасини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи.
Божхона қўмитаси аризани 10 иш куни ичида кўриб чиқади ва бош таъминотни қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 23 февральдан кучга киради.