Фарғонада экология бўлими бошлиғи 1600 доллар пора билан ушланди

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани экология бўлими бошлиғи 1600 доллар пора билан қўлга тушди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Олтиариқ туман бўлими бошлиғи Х.У. фуқародан пора олгани аниқланган.

Қайд этилишича, бўлим бошлиғи «Р.Қ.» МЧЖда ўтказилган текширувда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича қўлланиладиган жарима миқдорини камайтириб беришни ваъда қилган. Мансабдор шахс бунинг эвазига МЧЖ раҳбари А.дан хизмат хонасида 1600 доллар пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар