Андижонда набирасини қутқариш учун ўзини каналга ташлаган бобонинг жасади топилди — фото
Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси Балиқчи туманида сувга чўкиб кетган 18 ёшли набирасини қутқариш учун ўзини каналга ташлаган 65 ёшли бобонинг жасади қарийб 10 кунда топди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.
Хабарга кўра, 65 ёшли бобо ва унинг 18 ёшли набирасини қутқариш учун 26 кишидан иборат гуруҳ ташкил этилиб, жасадларни сувдан чиқариб олиш чоралари кўрилган. Қутқарув ишлари 9 кун давом этган бўлиб, жасад чўкиш ҳолати содир бўлган жойдан, тахминан, 10 километр узоқликдан топилган.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълумотларига кўра, 2020 йил 16 декабрь куни соат 15:00 да Балиқчи туманида яшовчи 18 ёшли қиз ўз жонига қасд қилиш учун ўзини уйининг ёнидан ўтган Қорадарё каналига ташлаган. Набирасининг сувда чўкаётганини кўрган 65 ёшли бобоси эса уни қутқариш учун ўзини сувга отган. Оқим кучлилиги ва сувнинг совуқлиги сабабли иккиси ҳам сувга чўкиб кетган.
Таъкидланишича қизнинг нима сабабдан ўзини сувга ташлагани аниқланмаган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда ўзини сувга ташлаган неварасини қутқармоқчи бўлган бобо ҳам чўкиб ўлгани ва Янгиқўрғонда аёл ер талашиб, ўзи ва 2 нафар фарзандини сувга ташлаб ўлдиргани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда маҳалла инспектори ўзини каналга ташлаган фуқарони қутқаргани маълум қилинганди.