Бухоро ва Самарқанд ҳокимларига хорижлик маслаҳатчилар тайинланади
Ўзбекистонда зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони лойиҳаси 28 декабрь, душанба куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Лойиҳага кўра, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари таркибида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Ушбу лавозимга фақат хорижий экспертлар номзоди кўриб чиқилади. Шунингдек, маслаҳатчининг ойлик маоши у билан тузилган шартномага мувофиқ белгиланади ва Бухоро, Самарқанд вилояти ҳокимликлари томонидан маслаҳатчи учун яшаш жойи ажратилади.
Бундан ташқари, фармонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг амалдаги ўринбосарлари сони доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозими ҳам жорий этилилиши айтилган. Қўмита ташкилий тузилмасида 2020 йилда режали қисқартирилиши кутилаётган штат бирликлари ҳисобидан 9 та штат бирлигидан иборат алоҳида департамент ташкил этилади.
Фармонга биноан, қўмита раисининг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ўринбосари ва департаментнинг асосий иш жойи «Ипак йўли офиси» унитар корхонасининг Самарқанд шаҳридаги биносида жойлаштирилади. Қўмита маблағлари ҳисобидан хизмат автомобилини сотиб олиш ва бюджет маблағлари ҳисобидан «Ипак йўли офиси» корхонасининг биносини таъмирлаш учун маблағ ажратилади.
Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда Зиёрат туризми маркази очишни таклиф қилгани ва Ўзбекистонда ички туризм оқимидан тушадиган даромадни соҳани ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоий вилояти туризм соҳаси Туркия давлати билан хамкорликда ривожлантирилиши маълум қилинганди.