Ўзбекистонда ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланди

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг 2020 йил 30 декабрдаги қарори билан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ходимларини аттестациядан ўтказиш низоми тасдиқланди. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Depositphotosconference»

Унга кўра, аттестация 2 босқичда ташкил этилади:

  • биринчи босқичда аттестациядан ўтувчиларнинг алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш ва инклюзив таълимни амалга ошириш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни билиш даражаси, менежерлик қобилияти, малака тавсифларида белгиланган лавозим мажбуриятларига мослиги, касбий компетентлилиги, дунёқараши ва ақлий салоҳиятини (IQ) текшириш бўйича тест синовлари ташкил этилади.
  • Иккинчи босқичда эса аттестация комиссияси томонидан талабгорлар билан саволнома асосида суҳбат ўтказилади.

Шунингдек, низомга мувофиқ, қуйидагилар аттестацияга жалб қилинмайди:

  • ишга қабул қилинганига ёки бола парваришлаш таътилидан қайтганига бир йил тўлмаганлар;
  • меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлганлар;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътилидаги аёллар, боласи уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилидаги ходимлар;
  • ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ходимларининг лавозим мажбуриятлари зиммасига вақтинча юклатилган ходимлар.

Хабарда айтилишича, комиссия қарорига кўра аттестациядан ўтолмаган талабгорлар билан тузилган меҳнат шартномаси 1 ой муддатда меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади ёки бўш (вакант) лавозимлар мавжуд бўлса, бошқа қуйи лавозимга ўтказилиши мумкин.

Аввалроқ Кадастр агентлиги раҳбарларининг ярмидан кўпи аттестациядан ўта олмагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар