Ўзбекистонда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилади
Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар форуми давомида Ўзбекистонда кичик саноат зоналари ташкил этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида, ҳудудларда ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилган. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.
Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.
Шунингдек, форумда мутасаддиларга шу борада кўрсатмалар берилган.
«Бугун ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётган ёшларимиз жуда кўп. Лекин, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган ‘Ёшлар мурожаатиʼ электрон платформасини яратиш вазифаси топширилади», — дейди давлат раҳбари.
Аввалроқ Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга қанча кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинганди.