Ўзбекистонликлар Россияга киришда «Спутник V» вакцинаси билан эмланаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга киришида «Спутник V» вакцинаси билан бепул эмланаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, ушбу хабарларга илова қилинаётган расмда бир фуқаронинг «Спутник V» вакцинаси тадқиқотларида иштирок этганини тасдиқловчи сертификат экани қайд этилган бўлиб, Россияга киришда эмлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.
Шунингдек, агентлик вакциналар ишлаб чиқиш бўйича илмий ишлар олиб борилаётгани, ушбу илмий тадқиқотларда иштирок этиш ва коронавирусга қарши эмланиш бошқа-бошқа жараён ҳисобланишини маълум қилган.
Таъкидланишича, ушбу вакцинанинг 1 миллион дозасини харид қилиш, эмланган фуқароларни ишлаш мақсадида Россия ҳудудига кириши учун Россия ҳукуматининг рухсатини олиш учун музокаралар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинган ва айни вақтда олимлар томонидан ушбу вакцина бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда. Миграция агентлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз хабарларга ишонмасликларини айтиб ўтган.
Аввалроқ Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинаси синовлари қачон бошланиши маълум қилинганди. Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19’га қарши вакцинанинг клиник синовларини 2020 йил охири–2021 йил бошида ўтказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, COVID-19’га қарши «Спутник V» вакцинасининг тахминий нархи маълум қилинганди.