Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилди

Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли Россияда мигрантларнинг вақтинча бўлиш муддати 2021 йил 15 июнгача узайтирилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: vladtime.ru

Маълумотларга кўра, Россия президенти Владимир Путиннинг бу борада тегишли фармони эълон қилинган.

«Россия Федерацияси президентининг 2020 йил 18 апрелдаги 274-сонли ‘Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида’ги фармонига қуйидаги ўзгаришлар киритилсин: а) 1-банднинг биринчи хатбошидаги ‘2020 йил 15 декабргача’ деган сўзлар ‘2021 йил 15 июнга қадар’ деган сўзлар билан алмаштирилсин», — деб қайд этилган ҳужжатда.

Владимир Путиннинг фармонига биноан, хориж фуқаролари мамлакатда бўлиб туриш муддати якунига етган тақдирда ҳам Россияда қолиши мумкин. Уларнинг регистрация, патент, яшаш учун гувоҳномалари муддати ўтган деб ҳисобланмайди, ва мамлакатдан чиқариб юборилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Ушбу тартиб, Россия Федерацияси ҳудудида 2020 йил 15 мартгача қонуний бўлган чет эл фуқаролари учун амал қилади.

Ушбу фармон коронавирус пандемияси ва чегара ёпилиши сабабли чиқарилган. Владимир Путин фармонни 18 апрелда имзолаган ва унинг амал қилиш муддати икки марта янгиланган: 15 сентябргача кейин 15 декабргача.

Аввалроқ Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар