Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар томонидан газнинг ўғирланаётганини кескин танқид қилди
Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда табиий газ ва кўмир таъминотида ноқонуний харакатларга йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилган. Мисол учун, Муборакда ғишт ишлаб чиқариш заводи ер остидан ўтган газ қувурига ноқонуний уланиб, 4,3 миллион куб метр газни талон-торож қилган. Бу 8 мингта хонадоннинг бир ойлик газ таъминотидир.
Шунингдек, 2020 йилда 74 та тумандаги йирик газ тармоқларига замонавий ўлчагичлар ўрнатилгани натижасида 2 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчилар томонидан 7 миллион куб метр табиий газ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган. Шулардан келиб чиқиб, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билдирилган.
«Бу йил қишни қандай ўтказамиз? Бугун ҳамма раҳбарлар шу саволга жавоб бериши керак. Ҳақиқатан ҳам, муаммолар жуда кўп. Уларни фақат маҳаллабай кесимда чуқур ўрганиш ва ҳал қилишгина натижа беради», – дейди Президент.
Мазкур йиғилишда, иссиқлик таъминотидаги 153 та қозонхонани ва 2 минг 802 километр тармоқларни таъмирлаш чора-тадбирлари белгиланган. Давлат раҳбари ис гази ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларга тўхталиб ўтган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, тубдан ислоҳ қилиш, ёнғинга қарши профилактика ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилган.
Бош вазир ўринбосарига мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифалар қўйилган.
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқлардаги энергетика соҳаси билан боғлиқ муаммолар ўринли эканини таъкидлагани хабар қилинган эди. Шунингдек, Президент газ экспортини қисқартириб, аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берган.