Тошкентда салкам 275 грамм гашиш олиб юрган «Orlando» йўловчилари қўлга тушди
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 273,49 грамм гашиш олиб юрган «Orlando» йўловчилари ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, ҳолат Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Тадбир давомида, Мирзо Улуғбек туманида фуқаро Б.Ш. бошқарувидаги «Орландо» русумли машина ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада, автомашинада йўловчи сифатида кетаётган фуқаро М.Д.нинг курткаси чўнтагида жами 11 дона ўрамда бўлган вазни 249,96 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Шунингдек, мазкур автоуловда йўловчи сифатида ўтирган яна бир фуқаро Н.М. 1 дона ўрамда вазни 23,53 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик воситасини ўриндиқ остига яширганлиги аниқланган. Тезкор тадбир давомида жами 273.49 грамм бўлган гашиш қонунбузарлардан ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 18 ёшли йигитга гиёҳванд моддани пуллаётган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда бир килограм опийни сотаётган 2 нафар эркак ушлангани ҳақида хабар берилган.