Тошкент вилоятида 18 ёшли йигитга гиёҳванд моддани пуллаётган эркак ушланди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида эркак 18 ёшли йигитга марихуана сотаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси «Tez News»га маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси тезкор ходимлари томонидан 10 ноябрь, сешанба куни Бўстонлиқ тумани Обод маҳалласида яшовчи 1971 йилда туғилган Б.К. шартли мижоз, 18 ёшли йигитга 3,5 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда ушланган. Б.К. марихуанани 500 минг сўм пул эвазига сотмоқчи бўлган.
Таъкидланишича, қўлга олинган Б.К.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда хонадон молхонасидан картон қутига солинган оғирлиги 67,5 грамм марихуана моддаси борлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ва 276-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда тандирхонасида марихуана сақлаб келган шахс ушлангани ва ошхонасининг газ печида опий сақлаб келган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Тошкент вилояти машинасида 382 миллион сўмлик психотроп дориларни олиб кетаётган эркак ушлангани ҳамда Самарқандда бир килограмм опийни сотаётган 2 нафар эркак қўлга олингани маълум қилинган.