Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашда бирлашади
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон мавсумий чигиртка хавфига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.
Қайд қилинишича, Остонада ўтган Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPO) ишчи гуруҳи йиғилиши доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитария хизматлари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилган.
Учрашувда чигирткалар тарқалишининг олдини олиш, ахборот алмашинуви ва халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, тадбирда Locust.uz электрон тизими тақдимоти бўлиб ўтган. Ушбу платформа чигиртка тухум қўйган ҳудудларни ва кимёвий ишлов берилган жойларни харитада қайд этиб, GPS технологияси ёрдамида назоратни соддалаштириши айтилган.
Учрашув якунида томонлар чигирткага қарши тезкор чораларни мувофиқлаштириш, фитосанитария ҳолати ва зарарли организмлар ҳақида маълумот алмашишни йўлга қўйишга келишган. Шунингдек, фитосанитария сертификатлари ва бошқа маълумотларни рақамли тизимлар орқали интеграциялаш режалаштирилаётгани маълум қилинган.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханули Jibek Joly телеканалида маълум қилишича, Қозоғистонда 2 млн гектаргача майдон чигирткалар хавфи остида. Ғарбий Қозоғистон вилоятида чигирткаларга қарши курашда илк бор агродронлардан фойдаланилган.
Ўзбекистонда эса 2025 йилда 608 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган. Мавжуд вазиятга жавобан тезкор штаблар тузилган, махсус хизматлар эса 24/7 режимида фаолият юритмоқда.