Андижонда ўқитувчиларни «ҳашарга» чақирган мактаб директори ишдан бўшатилди

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 42-мактаб директори ўқитувчиларни таътил вақтида таъмирлаш ишларига жалб қилгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат жорий йилнинг 2-август куни содир бўлган. Унда бир гуруҳ педагоглар мактабда ҳашар ишларини амалга ошираётган бўлган.

Таъкидланишича, мактаб жамоаси билан суҳбатда улар ушбу ҳашарга ихтиёрий равишда бажаришгани айтишган.

Устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмаганлиги сабабли мактаб директори З.М эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунида педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади. Шунингдек, уларни бирон-бир шаклда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Ўзбекистон