Ўзбекистонда 1 июлдан уй-жой харидида эскроу тизими жорий этилади

2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда уй-жой сотиб олиш жараёнида эскроу ҳисобварақлари тизими амалиётга татбиқ этилади. Бу борадаги тартиб Президент фармони билан тасдиқланган.

Унда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қурилиш соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган.

Янги тартибга кўра, уй-жой сотиб олиш бўйича шартномалар фақат давлат рўйхатидан ўтган қурилиш объектлари асосида тузилади. Харидор томонидан тўланадиган маблағ қурувчи компанияга тўғридан-тўғри эмас, балки банкдаги махсус эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.

Қурилиш ишлари камида 30 фоизга бажарилгандан сўнг банк томонидан маблағ ўтказилади ёки кредит ажратилади.

2025 йил 1 июлдан 31 декабргача эски ва янги тартиб параллел тарзда қўлланилади. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса фақат эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобларга рухсат этилади.

Бундан ташқари, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш мақсадида “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими жорий этилади. Улушли шартномалар бўйича барча маълумотлар автоматик равишда солиқ органларига юборилади.

Мазкур тизим орқали қурилишда молиявий интизомни кучайтириш, фуқаролар учун хавфсиз ва ишончли муҳит яратиш мақсад қилинган.

Қарорлар