Франция Ўзбекистонга уй–жойлар реноватсияси учун 30 млн евро ажратади
Франция тараққиёт агентлиги (AFD) Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси(UzMRC)га 30 млн евро миқдорида молиявий маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа Ўзбекистондаги турар жой биноларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган бўлиб, ҳозирда баҳолаш ва тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ташаббус бўйича ҳамкорлик шартномаси март ойида Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи чоғида имзоланган.
Хабарга кўра, лойиҳада AFD томонидан кредит линияси ва техник ёрдам ажратилиб, UzMRC орқали тижорат банклари иштирокида якуний истеъмолчиларга кредитлар тақдим этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа асосларини шакллантиришда қўллаш учун лойиҳанинг техник консультантлари — Франциянинг Juru ва AETS компаниялари — аҳолининг энергия самарадорлиги ҳақидаги хабардорлик даражасини ўрганиш мақсадида онлайн сўровнома ўтказмоқда.