Ғазода ёрдам тарқатиш вақтида юзага келган тўполонда 20 киши ҳалок бўлди

Ғазо жанубидаги Хон Юнус ҳудудида ёрдам тарқатиш марказида юзага келган тўполон оқибатида 20 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда манбаларга таяниб BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодисада 19 киши босиб кетилиш оқибатида, яна бир киши эса пичоқланишдан вафот этган. Фонд вакиллари воқеани Hamas билан боғлиқ оломон орасидаги қўзғатувчилар билан изоҳлаган. Ушбу даъволарни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Хон Юнусдаги Нассер касалхонаси эса GHF маркази ёпилгач бўғилиш оқибатида ҳалок бўлган 10 кишининг жасади олиб келинганини маълум қилди. Касалхона марказ ёпилишини GHF’нинг АҚШлик хусусий хавфсизлик фирмаси амалга оширганини билдирган.

GHF май ойининг охиридан буён Ғазода фаолият юритмоқда. Шундан бери ёрдам марказлари яқинида одамларнинг ҳалок бўлиши ҳолатлари деярли ҳар куни кузатилмоқда. Гувоҳларнинг айтишича, кўплаб фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси 2025 йил 15 июль ҳолатига кўра, GHF’нинг Ғазо жануби ва марказида жойлашган тўртта маркази атрофида ўтган олти ҳафта ичида 674 нафар одам ҳалок бўлганини қайд этди. Шунингдек, БМТ ва бошқа ёрдам ташкилотлари карвонлари ҳаракати давомида яна 201 нафар одамнинг ўлими тасдиқланган.

Аввалроқ GHF марказлари атрофида ўлим ҳолатларини инкор этиб келган ва БМТни HAMAS бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган нотўғри маълумотлардан фойдаланишда айблаган эди.

Исроил армияси эса ўтган ҳафта берган баёнотида тинч аҳолига зарар етган ҳолатларни тан олиб, аҳоли ва ҳарбий кучлар ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олишга ҳаракат қилинаётганини маълум қилган.

GHF ёрдамни Исроил ҳарбийлари назорати остидаги ҳудудларда, хусусий хавфсизлик компаниялари орқали тарқатмоқда. БМТ бу тизимни «ахлоқан нотўғри» деб баҳолаб, GHF билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.

Жаҳон