Ярим миллион ҳаёт хавф остида: янги тадқиқот Ўзбекистонни огоҳлантирди
Никотин маҳсулотларига оид сиёсат халқаро ҳисоботда кўриб чиқилди
Ўзбекистонда паст хавфли никотин маҳсулотларига қўлланилаётган тақиқловчи сиёсат эрта ўлимларнинг олдини олиш имкониятини бой бермоқда. Бу ҳақда Smoke Free Sweden ташаббуси билан тайёрланган янги таҳлилий ҳисоботда айтилади.
«Икки мамлакат ҳикояси» номли таҳлилда Швеция ва Ўзбекистоннинг тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ сиёсатлари таққосланган. Унда қайд этилишича, Швеция чекишга қарши курашда зарарни камайтириш стратегиясини танлаган ва сезиларли натижаларга эришган. Ўзбекистонда эса чеклов ва тақиқларга асосланган ёндашув кутилган самарани бермаяпти.
Маълумотларга кўра, Швецияда муқобил никотинли маҳсулотларни қўллаб-қувватлаш туфайли эркаклар орасида чекиш даражаси 4,9% гача камайган, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 20,4% ни ташкил қилади. Бу оралиқдаги фарқ эса ўн йиллар давомида Ўзбекистонда деярли ўзгармаган ҳолат — ҳар йили чекиш билан боғлиқ 30 мингга яқин ўлимга олиб келмоқда.
Тақиқлаш энг осон ва оддий кўринадиган йўл. Аммо у муаммони ҳал қилмайди. Тарихда бундай тажрибалар муваффақиятсизликка учраган — бунинг ўрнига контрабанда ва коррупция кучайган, — дейди Қозоғистонлик юрак шифокори ва зарарни камайтириш бўйича мутахассис, доктор Гинтаутас-Юозас Кентра.
Швеция чекиш ўрнига катталар учун вейп, снюс ва никотинли қопчалар каби зарар даражаси паст маҳсулотларни қонуний ва мақбул тарзда тақдим этиб, 2012-йилдан буён чекиш даражасини 54% га камайтирди. Натижада, Европада чекиш билан боғлиқ ўлимлар энг паст даражада кузатилмоқда.
Ўзбекистон эса, аксинча, никотинли қопчаларни тақиқлади, вейп ва тамаки иситиш маҳсулотларига чекловлар жорий этмоқда. Бироқ эркаклар орасида чекиш ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Доктор Кентранинг қўшимча қилишича, тақиқлаш орқали зарарли одатни тўхтата олмаган одамларга азоб-уқубат ва эрта ўлимдан бошқа йўл қолмаяпти. Шунингдек, у агар инсон чекишни ташлай олмаса, унга соғлиққа камроқ зарар етказадиган альтернатив вариантларни таклиф этиш кераклигини таъкидлади.
Ҳисоботдаги энг оғир рақам: агар Ўзбекистон тутунсиз маҳсулотларга йўл очса, 2060-йилгача 464 минг бевақт ўлимнинг олди олиниши мумкин. Бу деярли йирик бир шаҳар аҳолиси сонига тенг.
Бу — сиёсатчилар учун уйғониш сигнали. Зарарни камайтириш ҳаётларни сақлаб қолади. Тақиқлаш эса йўқотади, — дея огоҳлантиради таҳлил муаллифлари.
Smoke Free Sweden — халқаро миқёсдаги ташаббус бўлиб, тамаки сиёсатида зарарни камайтириш ёндашувини илгари суради. Швеция ҳозирда чекмайдиган давлат мақомига энг яқин бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади.