Гоадаги тиқилинчда 6 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ инсон жароҳатланди
Ҳиндистон жанубидаги Гоа штатида жойлашган Ширгаон ибодатхонаси яқинида диний маросим пайтида юзага келган тиқилинч оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ инсон турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди.
Фожиа йиллик диний юриш чоғида, минглаб зиёратчилар иштирокида содир бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, оломон орасида тўсатдан ваҳима бошланган ва одамлар зудлик билан ҳудудни тарк этишга ҳаракат қилган, натижада тиқилинч юзага келган.
Воқеа жума куни кечаси Ширгао қишлоғида ўтказилган Шри Лаираи Затра фестивалида рўй берган. Бу фестивал олов устида юриш каби анъанавий маросимлари билан машҳур.
Ҳодиса жойига тезкор хизматлар ва полиция ходимлари етиб келган. Жабрланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Ҳозирда тергов ишлари бошланган бўлиб, дастлабки тахминларга кўра, тартибни сақлаш ва оломонни бошқариш чоралари етарли даражада кўрилмагани фожианинг сабаби бўлиши мумкин.
Ҳиндистон Бош Вазири идораси Гоа штатининг Ширгао шаҳрида содир бўлган тиқилинч оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлганидан қайғуда эканлигини маълум қилиб, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирган. Жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Шунингдек идора хабарида маҳаллий маъмурият жабрланганларга ёрдам бераётгани келтирилган.