Ўзбекистонда ҳаво такси хизмати жорий қилинади
Ўзбекистонда аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда БААнинг Jetex компанияси таъсисчиси Адел Мардини ўртасида учрашув ўтказилди. Унда Транспорт вазирлиги ва Jetex компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади. Аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади.
Йўловчиларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишни таъминлайдиган мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши пойтахтимиз нуфузи ва жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Қолаверса, мамлакатимизда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилишига эришилади. Бир сўз билан айтганда, Jetex компаниясининг илғор тажрибасига таянган ҳолда мамлакатимизда бизнес авиациясини ишончли ва барқарор ривожланишини таъминлашга эришилди, дейилади хабарда.
Маълумот учун, JETEX компанияси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган. Бутун дунё бўйлаб 50 дан ортиқ нуқталарда, жумладан Яқин Шарқ, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, Африка ва Америкада кун-у тун мижозларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.