«Афсуски, ҳали келишув йўқ». Путин ва Трамп Аляскада музокаралар ўтказди
Доналд Трамп ва Владимир Путин Аляскада музокара ўтказиб, учрашувни фойдали ва самарали деб аташди, бироқ аниқ натижаларни эълон қилишмади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Россия президентлари Саммити Анкоридждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида бўлиб ўтди.
Учрашув уч-уч форматда бўлиб ўтди. Путинга Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков, Трампга эса Давлат котиби Марко Рубио ва махсус элчи Стив Уиткофф ҳамроҳлик қилди.
Россия этакчиси, Трамп билан ўтказилган музокаралар ўзаро ҳурмат асосида фойдали ва конструктив бўлганини таъкидлади.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда энг паст даражага тушиб қолган.
Россия-Америка саммитлари тўрт йилдан ортиқ вақт давомида ўтказилмаган. Икки томонлама муносабатлар совуқ уруш давридан бери энг паст даражага тушиб қолди. Эртами-кечми вазиятни тўғрилитиш керак эди. Шу муносабат билан икки давлат раҳбарларининг шахсий учрашувида Трамп ва мен тўғридан-тоғри жуда яхши алоқалар ўрнатдик, — деди Путин.
Россия раҳбарининг таъкидлашича, Трамп даврида Россия ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама савдо муносабатлари сезиларли даражада ошишни бошлаган. Унинг қайд этишича, икки давлат турли соҳаларда бир-бирига янада яхши ҳамкорлик қила олади.
Шунингдек, Путин Аляскадаги келишувлар Украинадаги зиддиятни ҳал қилиш, Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни тиклаш учун таянч нуқтаси бўлишини таъкидлади.
Украина атрофидаги вазият марказий масалалардан бири. Биз АҚШ маъмурияти ва шахсан президент Трампнинг Украина можаросини ҳал қилишга кўмаклашиш истагини кўряпмиз. Мен президент Трампга қўшиламан, албатта, Украина хавфсизлиги таъминланиши керак. Биз бу борада ишлашга тайёрмиз. Умид қиламанки, биз эришган ўзаро тушуниш ана шу мақсадга яқинлашишга ва Украинада тинчлик ўрнатишга йўл очишга имкон беради, — деди Россия президенти.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Трамп учрашувни жуда самарали деб атади, бироқ ҳозирча аниқ келишувга эришилмаганини маълум қилди.
Биз жуда самарали учрашув ўтказдик. Биз келишиб олган жуда кўп масалалар бўлди. Аммо афсуски, ҳали келишув йўқ. Мен НАТО вакилларига қўнғироқ қиламан, зарур раҳбарлар, президент Зеленский билан гаплашиб, бугунги учрашув ҳақида ҳаммани хабардор қиламан. Биз бу можарога имкони борича тезроқ барҳам беришни хохлаймиз, — деди Трамп.
АҚШ раҳбарининг айтишича, у Путин билан доим яхши муносабатда бўлган, ва бугун томонлар ҳақиқатдан ҳам катта ютуқларга эришган.
Биз самарали суҳбатлашдик. Ва энг муҳими, эҳтимол, бизда тинч йўл билан келишувга эришиш учун яхши имконият бор. Биз ҳали бунга эришганимиз йўқ, лекин бунинг учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилгани учун президент Путин ва унинг жамоасига миннатдорчилик билдираман, — деди Америка этачиси.
Путин нутқининг охирида Трампни Москвага таклиф қилди. Трамп эса бу «жуда қизиқарли таклиф. Менимча, буни имкони бор», деб жавоб берди.