Сирдарёда қалбаки 150 минг долларни муомалага киритмоқчи бўлган шахс ушланди

Сирдарё вилоятида, мамлакатга Қозоғистондан контрабанда йўли билан  олиб кирилган 150 минг АҚШ долларини муомалага киритилишининг олди олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг хабарига кўра, Оқолтин туманида яшовчи, 1998 й.т. фуқаро қалбаки 150 минг АҚШ долларини харидорга ҳақиқий 30 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, мазкур фуқаро ЖИБ Янгиер шаҳар судининг 2024 йил декабрь ойидаги ҳукми билан Жиноят Кодексининг 168 ва 176-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва ҳозирда жазо ўтаётган шахс ҳисобланади.

Терговга қадар текширув давомида, у Қозоғистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу қалбаки купюраларни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқародан олганлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Фуқарога нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Янгиликлар