Ўзбекистонга дори воситаларини яширинча олиб кириш ҳолати аниқланди

Россия ва Қозоғистондан ноқонуний олиб кирилган 5,3 млрд сўмлик дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Жами 214 турдаги 52 459 дона дори воситаcи мусодара қилинган.

Қайд қилинишича, юк машиналари Тошкент вилоятидаги «Яллама» чегара-божхона постида божхона кўригидан кейин белгиланган манзилга кузатилиши керак бўлган. Бироқ божхона ходими назоратни бузиб, юк машиналарининг эркин ҳаракатланишига йўл қўйган.

Ҳайдовчилар йўналишни ўзгартириб, дориларни Юқори Чирчиқ туманидаги фуқаролардан бирининг уйига туширишган. Шу вақтда улар ДХХ ва Божхона ходимлари томонидан қўлга олинган.

Шунингдек, Қозоғистон фуқароси бу дориларни мамлакатга ўтказиш эвазига ҳайдовчиларга $2 минг ваъда қилгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хабарда, божхона постидаги хизмат мажбуриятини бажармаган ходим ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши ҳам таъкидланган.

 

Тошкент