Атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбаларни мониторинг қилиш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 25 ноябрь куни «Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Президент фармонига мувофиқ туман (шаҳар)ларда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини фон мониторинги қилишнинг 347 та автоматлаштирилган кичик станциясини харид қилиш ва ўрнатиш режалаштирилган. Ҳужжат билан автоматлаштирилган кичик станцияларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб хўжалик юритувчи субъектларда ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотлари ўрнатилгани, шунингдек, санитар ҳимоя зоналари автоматик кузатув постлари билан жиҳозланганини текшириш тадбирлари Экология вазирлиги томонидан назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан олдиндан келишмасдан ўтказилади.

Бунда ваколатли орган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали текширув бошланган пайтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида мажбурий равишда хабардор қилинади.

Ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари, автоматик кузатув постлари, чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда локал сув тозалаш иншоотлари Экология вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган техник топшириқ шартлар асосида харид қилинади ва давлат иштирокидаги корхоналарга харид қилинадиган ускуналар ва хизматлар бўйича етказиб берувчиларга республика худудида техник сервис хизматини ташкил этиш талаби қўйилади.

Қарорлар