Халқаро имтиҳонлардан юқори балл олган 300 дан ортиқ ёшларнинг харажатлари вақтида қопланмади
Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл олган ёшларга вақтида харажатлари қоплаб берилмагани аниқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик томонидан Ёшлар ишлари агентлигининг ўқиш ва имтиҳон харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати мониторинг қилинди.
Натижада, имтиҳон тизимларида юқори балл олган 309 нафар ёшлар харажатлари қоплаб берилмагани аниқланди. Агентликка харажатларни регламентга мувофиқ тўлиқ қоплаб бериш бўйича тақдимнома киритилди.
Жами 132 нафар ёшларга 236,85 млн сўм миқдорида компенсация берилди, қолган 177 нафар ёшнинг харажатларини ҳам қоплаб бериш чораси кўрилмоқда.
Шу билан бирга, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими маъмурий жавобгарликка тортилган.