Шавкат Мирзиёев инфляцияни янада пасайтириш бўйича чоралар кўришни топширди

Президент Шавкат Мирзиёев инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган вазифалар тўғрисида ахборот билан танишди.

Ички бозорни тўйинтириш ва инфляция омилларини жиловлаш бўйича изчил ишлар туфайли барқарор иқтисодий ўсиш таъминланаётгани, инфляцияни пасайтириш ва миллий валютани мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси ўтган йилги 10,2 фоиздан 7,8 фоизгача пасайган. 2026 йилда бу кўрсаткични 7 фоизгача тушириш, 2027 йилда эса 5 фоиз доирасида ушлаб туриш режалаштирилгани билдирилди.

Хусусан, 2026 йилда банклар аграр тармоқ, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиради.

Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарига микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича берилган топшириқларнинг ижроси ҳақида ахборот берилди.

Йил бошидан буён тадбиркорлик субъектларига 116 триллион сўмлик кредитлар ажратилгани ва бу ўтган йилга нисбатан 1,4 баробар кўплиги хабар қилинди.

Маҳаллабай ишлаш доирасида 89 минг фуқаронинг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларга 1,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 100 минг нафарга етказ режалаштирилган.

2026 йилда ҳам камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш бўйича ишларни изчил давом эттириш режалаштирилган. Микро, кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш, яна 100 минг фуқаронинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мўлжалланган, — деб таъкидланди.

AI News