Шавкат Мирзиёев Гулистондаги портлаш сабабларини ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича топшириқ берди
Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиалига борди.

Шифохонада, икки кун олдин Гулистон шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида газ баллони портлаши оқибатида жароҳат олганлар даволанмоқда.
Марказ раҳбарияти ва шифокорлар президентга беморларнинг аҳволи ва даволаш жараёнларининг бориши ҳақида ахборот берди. Давлат раҳбари бахтсиз воқеада турли даражада тан жароҳати олган фуқаролар даволанаётган палаталарга кириб, улардан хабар олди, оила аъзолари билан суҳбатлашди.
Президент мутасаддиларга жабрланганларга зарур барча тиббий ёрдам кўрсатилишини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга моддий ёрдам кўрсатиш зарурлигини қайд этди.
Масъуллар олдига содир бўлган воқеанинг сабабларини пухта ўрганиш, қонун устуворлигини таъминлаш, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги устидан назорат ишларини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, ёнғин, 2-декабрь куни соат 10:49 да Гулистон шаҳар «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасининг ошхонасида содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган.




