Вояга етмаган квадроберлар 15 суткагача қамалиши мумкин
Ўзбекистонда вояга етган квадроберлар 15 суткагача қамалиши мумкин. Бу ҳақида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилишича, 18 ёшдан ошган шахслар томонидан содир этилган бундай ҳаракатлар майда безорилик сифатида квалификация қилинади.
Аниқлик киритилишича, квадроберлар кўчада ўзга шахсларга ташланса ёки эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилса, жабрланувчилар ИИБга мурожаат билан чиқиши мумкин. Бундай хатти-ҳаракатлар ҳам майда безорилик деб баҳоланади.
Жамоат хавфсизлиги департаменти ушбу модда билан айбланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда (1 125 000 сўмдан 1 875 000 сўмгача) жаримага тортилиши ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкинлигини эслатган.
Аввалроқ, маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик ҳолати ҳақида хабар берган эдик.