ИИВ ота-оналарни болалар ўртасида тарқалаётган квадроберликдан огоҳлантирди

Ички ишлар вазирлиги ўзини ҳайвонга ўхшатиб, ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлиқ қилаётган болалар учраётгани ҳақида хабар берди. Ота-оналарни фарзанд тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.

Бундай ҳаракатлар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида кузатилиши билан бирга Тошкент шаҳрида ҳам учрамоқда.

Хусусан, 10-октабрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер учратилган, 11-октабрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани ҳақида хабар берилган.

Квадробика — болалар ва ўсмирлар орасида оммалашган тренд бўлиб, хобби, субмаданият ва фитнес қоришмаси. Квадроберлар ҳайвонларнинг ниқобларини кияди, дум тақади ва ҳайвонларга тақлид қилиб, тўрт оёқда юради ва сакрайди.

Тошкент