Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича концепция лойиҳасини 2025 йилнинг 1 мартига қадар ишлаб чикилиши лозим. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 23 сентябрдаги қарорида назарда тутилган.

Хусусан, ҳужжат ва концепция лойиҳасини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳ таркиби ҳам тасдиқланган. Унга кўра, ишчи гуруҳга бош вазир ўринбосари, иқтисод ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилик қилади.

Гуруҳ таркибига унинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Старатегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов, Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев ҳам киради.

Бундан ташқари, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам келишув асосида эксперт сифатида жалб қилинади.

Қарорга кўра, ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш деб белгиланди.

Шу ўринда, тайёрланаётган таклифларнинг моҳиятини ёритиб бориш учун ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали сўровномалар ўтказиш кераклиги ҳам қайд этилган.

Тегишли масалаларда хорижий экспертлар, олимларни жалб қилиш ёки чет элга қисқа муддатли хизмат сафари ташкил қилиш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон