АҚШда McDonald’s бургеридан оммавий заҳарланиш кузатилди

АҚШда McDonald’s фастфуд тармоғида бургерлар истеъмол қилган 49 киши заҳарланди, беморлардан бири вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, «The Guardian» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 киши тиббиёт муассасаларига ётқизилган. Заҳарланишдан вафот этган шахс колорадолик кекса эркак бўлган. Касалхонага ётқизилганлар орасида бир бола ҳам бор, унинг аҳволи оғир.

27-cентябрьдан 11 октябрьгача инфекция Канзас, Миссури, Небраска ва Висконсин каби ўнта штатда қайд этилган. Энг кўп заҳарланиш ҳолати Колорадода — 27 та, ундан кейин Небраскада – 9 та кузатилган. Барча беморлар заҳарланишнинг илк белгилари пайдо бўлгунга қадар McDonald’s да овқатланганини маълум қилган. Уларнинг кўпчилиги Royal Cheeseburger (Quarter Pounder) истеъмол қилган.

Заҳарланиш ҳолатларига қайси масаллиқ сабаб бўлгани маълум эмас. Associated Press хабар беришича, McDonald’s заҳарланиш кузатилган штатлардаги дўконлардан Royal Cheeseburger тайёрлашда ишлатиладиган тўғралган пиёз ва мол гўшти котлетларини олиб ташлаган.

Янгиликлар