Тошкент ва Фарғона водийсидаги «метан заправкалар» иш жадваллари эълон қилинди
Тошкент ва Фарғона водийсидаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг иш жадваллари маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг хабарга асосан аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ босими пасайишини олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган режа-графикларга асосан республика бўйлаб «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилган.
Тошкент шаҳрида ҳам шаҳар ҳокимлиги билан келишилган ҳолда поййтахтда фаолият кўрсатувчи 78 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти тонги соат 06:00 дан кечки соат 23:00 га қадар этиб белгиланди.
Бу зарурий чоралар вақтинча бўлиб, газ босимини меъёрга келтириш бўйича амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилинди.
Қайд этилишича, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 21 та АГТКШ тунги вақтда ҳам иш фаолиятини давом эттиради ва жамоат транспортини ёқилғи билан таъминлайди.
Фарғона водийсидаги газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти:
• Андижон вилоятида 143 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти тонгги соат 05:00 дан кечки соат 17:00 га қадар;
• Наманган вилоятида 134 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти тонгги соат 05:00 дан кечки соат 17:00 га қадар;
• Фарғона вилоятида 173 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти тонгги соат 06:00 дан кечки соат 18:00 га қадар этиб белгиланди.





