Ўзбекистон банклари мониторинг остида бўлган мамлакатлардан йирик пул ўтказмаларини назорат қилади

Ўзбекистонда банклар кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлардан амалга ошириладиган йирик пул ўтказмаларини назорат қила бошлайди. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг қарорида белгиланган.

Тегишли ҳужжат билан операцияларни шубҳали деб ҳисоблаш мезонлари ва белгилари рўйхати янгиланди.

Янги киритилган ўзгартиришларга кўра, кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлардан келиб тушган пул маблағлари ёки ўтказмалар, агар уларнинг умумий суммаси бир марталик ёки 30 кун давомида амалга оширилган бир нечта операциялар натижасида БҲМнинг 1 000 бараварига (412 млн сўмга) тенг ёки ундан ортиқ бўлса, шубҳали операциялар қаторига киритилади.

Бундан ташқари, агар шартнома суммаси БҲМнинг 5 000 бараваридан (2 млрд 60 млн сўмдан) юқори бўлса, хизмат кўрсатиш бўйича импорт шартномаси предметининг тўлиқ ёки қисман ўзгартирилиши ёхуд қарздорликнинг хизмат кўрсатиш орқали қопланиши ҳам назоратга олинади.

Кучайтирилган мониторинг остидаги давлатлар ФАТФнинг расмий баёнотларида кучайтирилган мониторинг остида деб кўрсатилган ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларидаги стратегик камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этиш мажбуриятини олган ва ФАТФ билан фаол ҳамкорлик қилаётган давлатлар ва ҳудудлардир, — дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистон