Тошкентда 19 йил олдин содир бўлган қотиллик фош этилди

Тошкент шаҳри Учтепа туманида 19 йил олдин 54 ёшли эркак аёл танишини уриб ўлдиргани аниқланди.

Маълум бўлишича, 2003 йил тумандаги кўп қаватли уйда яшовчи 56 ёшли аёлнинг мурдаси тан жароҳатлари билан топилган. Олиб борилган тергов жараёнида ҳодиса жойидан спиртли ичимлик идишлари, сигарета қолдиқлари ва 3 дона бармоқ излари топилган.

Таъкидланишича, шу давр мобайнида жиноят содир этган шахсни аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳамда иш ҳаракатдан тўхтатилган. Тегишли топшириқлар асосида фош этилмасдан қолган иш бўйича воқеа жойидан топилган бармоқ излари бўйича экспертиза ўтказилган.

Аниқланишича, қотилликни сирдарёлик 54 ёшли эркак содир этган. У марҳуманинг уйида аёллар билан учрашиб юрган ва уйнинг эгаси билан ҳам жинсий алоқада бўлиб келган. Эркак марҳума билан спиртли ичимлик истеъмол қилаётган вақтида жанжал содир бўлганини айтган.

«Ўтириб ичаётгандик. Мендан Россияга бориш учун 300 доллар сўради. Беролмаслигимни айтганимдан кейин ‘шантажни’ бошлади. Қўлимга нима илинганини билмайман, бошига урдим», — дейди қонунбузар.

Айбланувчи аёлнинг ўлмаганини билгач, унинг бошини целлофан билан ёпиб, бир неча маротаба уриб ўлдирган. Шундан сўнг у ишни яшириш мақсадида газ плитасининг жўмракларини очиқ қолдириб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан сирдарёлик эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, судга юборилган.

Янгиликлар